Қирғизистонда яна бир мухолифатчи таъқиб остида

Қирғизистон милицияси навбатдаги мухолифатчига нисбатан жиноий иш қўзғади.

Милициянинг билдиришича, Иса Ўмурқулов 2004 йилда Қирғизистон темир йўллари компаниясига раислик қилган даврда қарийиб 60 минг АҚШ доллари қийматида пора олган.

Айни пайтда Қирғизистон социал демократик партиясига кўра, ҳукумат бундай саъй-ҳаракатлар билан ўз танқидчиларини қўрқитишга уринмоқда.

Сўнгги ой давомида Қирғизистон милицияси мухолифатнинг бир нечта аъзосига нисбатан жиноий иш қўзғади.

Президент танқидчиларига кўра, Қурманбек Бакиев июл ойида ўтказилажак президентлик сайловига қадар мухолифатчиларни бостириш учун маъмурий чораларни қўллашни режалаштирмоқда.