Пхенян қатъий жавоб қайтаришга тайёр

Шимолий Корея дипломати БМТ Хавфсизлик кенгаши ўз мамлакатига нисбатан жазо чораларини қўлласа, Пхенян “қатъий қадамлар” билан жавоб қайтаришини баён қилди.

Шимолий Кореянинг БМТдаги элчиси ўринсбосари Пак Ток Хун, бу қадамлар нимадан иборат бўлишини аниқлаштирмади.

Нью Йоркда мухбирларга берган баёнотида, корейс дипломати Шимолий Корея ўтган якшанба куни ракета эмас, тинч мақсадлардаги сунъий йўлдошни учирганини таъкидлади.

Қўшма Штатлар, Япония ва Жанубий Кореянинг таъкидича, Шимолий Корея БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2006 йилдаги резолюциясига зид равишда узоқ масофали ракетани учирган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳозирча Шимолий Кореяга нисбатан чора кўришга оид қарорни қабул қилганича йўқ.