Тожик наркобарони умрбод қамалди

Тожикистон Олий суди йирик халқаро наркогуруҳ раҳбари Суҳроб Лангариевга умрбод қамоқ жазоси тайинлади.

Олий Суд матбуот хизмати тарқатган баёнотда айтилишича, Лангариев гуруҳининг 7 аъзосига ҳам умрбод қамоқ жазоси¸ 11 шахсга эса 21 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазоси тайинланган.

Суҳроб Лангариев ўтган йилнинг май ойида қарийб 13 соат давом этган тўқнашувлардан сўнг хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Афғонистонда етиштирилган наркотик моддаларнинг катта миқдори асосан Тожикистон ҳудуди орқали Россия ва Европа давлатларига контрабанда қилинади.

БМТ га кўра, ҳар йили Афғонистондан қарийб 100 тонна героин Тожикистон ҳудудига ноқонуний тарзда олиб кирилади.