Молдова тартибсизликларда Руминияни айблади

Молдова Президенти Владимир Воронин якшанба кунги парламент сайловларидан кейин пойтахт Кишенёвда рўй берган зўравонликларда қўшни Руминияни айблади.

Молдова ўзининг Руминиядаги элчисини чақиртириб олиб, Руминиянинг Кишенёвдаги элчисидан 24 соат ичида мамлакатни тарк этишни талаб қилди.

Руминия Ворониннинг айбловларини “провокация”, дея рад этди.

Кеча тунда хавфсизлик кучлари намойишчилар томонидан босиб олинган президент маъмурияти ва парламент бинолари назоратини қайтариб олди.

Тўқнашувларда бир аёл ҳалок бўлгани ва 40дан ортиқ одам жароҳатлангани айтилмоқда.

Намойишчилар якшанба кунги парламент сайловларининг натижалари қалбакилаштирилганини таъкидламоқда. Расмий натижаларга кўра, Воронин етакчилигидаги коммунистлар ғалаба қозонган.

Халқаро кузатувчилар овоз бериш жараёнини ижобий баҳолади.

Европа Иттифоқи, Қўшма Штатлар ва БМТ Бош котиби Бан Ки Мун томонларни зўравонликдан тийилишга чақирди.
Россия ташқи ишлар вазирлиги Молдовадаги тартибсизликлар мамлакат суверинитетига путур етказувчи фитна эканини баён қилди.

Россия Давлат думаси Молдова расмийлари кўрган чораларни қўллаб- қувватловчи баёнотни қабул қилди.