Эрон президенти музокараларга тайёр

Кеча Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод Теҳроннинг ядровий дастурига оид музокараларга тайёрлиги, фақат сўзлашувлар “адолат ва ҳурматга” асосланиши лозимлигини баён қилди.

Аҳмадийнажод бу ҳақда Исфаҳонда Эроннинг ядровий ёқилғи ишлаб чиқарувчи биринчи заводини ишга тушириш маросимида гапирди.

У, шунингдек, Эрон иккита янги центрифугани синовдан ўтказганини қўшимча қилди.

-Бугун ядровий соҳада муваффақиятга эришдик ва ядровий технологияларга оид иккита муҳим ютуқни қўлга киритдик.

Биринчи ютуқ ядровий ёқилғини ишлаб чиқаришнинг якуний босқичини амалга ошириб, уни реакторларда ишлатишга тайёрлаш имконини қўлга киритганимиз бўлди.

Иккинчи ютуқ эса, ҳозир мавжуд центрифугалардан кўра каттароқ имкониятга эга янги турдаги иккита центрифугани муваффақиятли синовдан ўтказдик,- деди Эрон президенти.

Ғарб давлатлари Эроннинг ядровий дастурлари қурол ишлаб чиқаришда ишлатилиши мумкинлигидан хавотир билдириб келади.

Эрон эса ядровий қурол ишлаб чиқариш нияти йўқлигини билдирган.