Обама қўшимча маблағ сўради

АҚШ президенти Барак Обама Ироқ ва Афғонистондаги урушлар учун Конгрессдан 83,4 миллиард АҚШ доллари миқдорида қўшимча маблағ сўради.

Конгресс қўмитасига кўра, қўшимча маблағнинг берилиши билан 2001 йил 11 сентябридан бери иккита уруш учун сарфланган пул миқдори 1 триллион АҚШ долларига етади.

Сўралаётган маблағнинг қарийб 76 миллиарди ҳарбий мақсадлар, 7 миллиарддан ортиғи техникавий ёрдам учун сарфланиши кўзда тутилган.

Ал-Қоидага қарши курашда асосий иттифоқчи ҳисобланган Покистонга 1,8 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги ёрдам кўрсатилиши айтилмоқда.

Обама маъмуриятининг Афғонистондаги қўшинлар сонини ошириш режаси ҳам қўшимча маблағ ҳисобидан молиялаштирилади.