Молдова ҳукумати намойишчиларни огоҳлантирди

Молдова Бош вазири агар мухолифатнинг навбатдаги намойишлари зўравонликларга айланиб кетгудек бўлса, ҳукумат куч ишлатишга тайёр эканини маълум қилди.

Пайшанба куни телевидение орқали чиқиш қилган Бош вазир Зинаида Гречани Молдова полицияси мамлакатда тартиб сақлаш учун ҳар қандай чоралар кўришга тайёрлигини билдирди.

- Молдова тарихидаги энг катта жиноятни уюштирган ташкилотчилар жума ва шанба кунлари ёшлар ёрдамида ҳокимият идораларини ишғол қилишни режалаштирмоқдалар. Полиция Молдова Конституциясини ҳимоя қилиш мақсадида ҳар қандай чоралар кўришга, жумладан, куч ишлатишга тайёр, деди Бош вазир.

Айни пайтда¸ Молдова Ички ишлар вазирлиги Россия матбуотининг расмий Москва Кишинёвга бир қути кўздан ёш оқизувчи газ гранаталари етказиб бергани тўғрисидаги хабарларини рад этди.