АҚШ Эрон иддаоларига ишонмайди

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Эрон расмийларининг ядровий фаолиятга оид иддаоларига ишончсизлик билан қарашини маълум қилди.

Пайшанба куни Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод бу соҳада катта ютуқларга эришилгани, жумладан, бугунги кунда Эронда 7000 та центрифуга ишга туширилганини таъкидлаган эди.

Клинтон бунга ўхшаш иддаолар ўтмишда ҳам айтилгани, бироқ кейинчалик ёлғон бўлиб чиққанини қайд этди.

- Эроннинг ядровий дастури борасида қилаётган қайси баёнотига ишонишни ҳам билмаймиз. Сўнгги йиллар мобайнида расмий Теҳрон ўз дастури борасида турли баёнотлар тарқатди, деди Ҳиллари Клинтон.

Айни пайтда¸ Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод Теҳроннинг ядровий дастурига оид музокараларга тайёрлиги, фақат сўзлашувлар “адолат ва ҳурматга” асосланиши лозимлигини баён қилди.