Вашингтон Пхеньянни ўз мажбуриятларини бажаришга чақирди

Қўшма Штатлар Шимолий Кореянинг ядровий масалада олиб борилаётган олти томонлама музокаралардан чиқиши ҳамда ўз ядровий дастурини қайта бошлаш тўғрисидаги қарорини қоралади.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Шимолий Кореянинг узоқ масофага учадиган ракета синови ўтказганини кескин қоралагандан сўнг расмий Пхеньян бунга жавобан ўз ядровий дастури борасида олиб борилаётган музокараларни бойкот қилишини маълум қилган эди.

АҚШ маъмурияти Шимолий Кореянинг бу ҳатти-ҳаракатини "нотўғри йўналишда ташланган қадам", деб таърифлади ва Пхеньян ҳукуматини халқаро ҳамжамиятни ҳурмат қилган ҳолда зиммасига олган мажбуриятларини бажаришга чақирди.

БМТ Атом энергияси бўйича агентлигининг маълум қилишича, Шимолий Корея халқаро инспекторларнинг қисқа муддат ичида мамлакатдан чиқиб кетишини талаб этган.

Пхеньян 5 апрел куни узоқ масофага мўлжалланган ракетасини учириш билан бундай синовлар учун жорий этилган халқаро таъқиқни бузгани айтилмоқда.

Ўз навбатида, Шимолий Корея узоқ масофага мўлжалланган ракетани учиришдан мақсад ўз сунъий йўлдошини фазога чиқариш бўлганини таъкидламоқда.