Мумбайдаги суд кечиктирилди

Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида террор ҳужумлари уюштирган шахслардан бири Муҳаммад Ажмал Касаб устидан бошланган маҳкама жараёни кечиктирилди.

Бунга ҳакамлар айбланувчининг адвокати Тахалияни суддан четлатгани сабаб бўлди. Ҳакамлар ўз қарорини тергов жараёнларидан хабардор Тахалиянинг адвокат бўлиши манфаатлар тўқнашувини юзага келтириши билан изоҳладилар.

Покистон фуқароси бўлган Ажмал Касаб ўтган йил ноябрида Мумбай шаҳрида 160 дан зиёд одамни ўлдирган 10 нафар террорчидан бири сифатида айбланмоқда.

Покистонда фаолияти таъқиқланган Лашкари Тоййиба гуруҳига аъзо бўлган Касаб ҳакамлар томонидан айбдор деб топилса, у ўлим жазосига ҳукм қилинади.