Япония Покистонга ёрдам қўли чўзди

Япония ҳукумати Покистонга бир миллиард долларлик молиявий ёрдам кўрсатади.

Бу ҳақда Япония бош вазири Таро Асо Токиода Покистон президенти Осиф Али Зардорий билан ўтказилган учрашувдан сўнг маълум қилди.

Эртага Токиода Покистонга ёрдам кўрсатиш мавзуида донор мамлакатларнинг халқаро анжумани иш бошлайди.

Мазкур анжуман давомида 30 га яқин донор мамлакатларининг Покистонга жами олти миллиард доллар ёрдам пули ажратиши кутилмоқда.

Токио анжумани арафасида Покистон президенти Осиф Али Зардорий донор мамлакатларни АҚШнинг Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Европа давлатларига кўмак бергани каби ёрдам дастури ишлаб чиқишга чақирди.