Ҳизбчилар ёпиқ суд қилинаяпти

Қозоқ Фемидаси диний оқимларга мансубликда айбланганлар судланаётган жараёнларни ёпиқ эшиклар ортида ўтказмоқда.

Қозоғистонда Ҳизбут-Таҳрир партиясига аъзоликда айбланиб, бир неча қозоғистонлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу маҳкама диндорлар устидан бўлиб ўтган аввалги жараёнлар каби ёпиқ равишда ўтказилди.
16 апрел куни Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ўзининг расмий интеренет сайти орқали Ҳизбут-Таҳрир партиясига аъзоликда айбланган беш нафар қозоғистонлик узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинганини маълум қилди. Аммо бу маълумотда судланганларнинг исми-шарифи ва неча йилга озодликдан маҳрум қилингани айтилмаган.

Шунингдек, бундан аввал Олмаота ва Толдиқўрғон шаҳарларида Ҳизбут-Таҳрир партиясига аъзоликда айбланаётган ушбу Қозоғистон фуқаролари устидан суд жараёни бўлиб ўтиши ҳақида на матбуот вакиллари ва на ҳуқуқ ҳимоячиларининг бехабарлиги ҳам маълум бўлди.

Қозоғистон Мусулмонлари Иттифоқи раиси Мурод Телибеков мамлакат ҳуқуқ-тартибот органларининг экстремистлик ва террорчиликка қарши кампанияларига оид ахборот ўта камлигини айтади.

-Менинг фикримча, бу албатта турли ишончсизликларни пайдо қилади, яъни бундай кишилар устидан маҳкама жараёни ёпиқ тарзда ўтказилиши жамоатчиликни Қозоғистон судларининг холис ва адолатли ҳукм чиқаришига шубҳа туғдиради.

Албатта, Ҳизбут-Таҳрир партиясининг фаолияти Қозоғистон ҳудудида таъқиқланган. Аммо ушбу партия аъзоларининг кўпчилигини ҳозирги режим юритаётган сиёсатдан безор бўлганлар ташкил қилади.

Шу сабаб, менимча, ҳукумат халқ орасида ўзига нисбатан ишонч ҳосил қилдирмоқчи бўлса, диний мотивлар бўйича олиб борилаётган барча суд маҳкамаларини жамоатчилик учун очиқ равишда ўтказиши зарур,- дейди Қозоғистон Мусулмонлари Иттифоқининг раиси Мурод Телибеков.

Мавзуни ёритиш асносида, Қозоғистон Мусулмонлари диний бошқармасининг мамлакатда диний мотивлар бўйича айбланиб, судланаётган кишилар тақдирига бефарқлигини пайқадик.

Бу ташкилот раисининг ўринбосари Муҳамед Алсабековнинг Озодликка айтишича, диний бошқарма турли диний ташкилотлар, хусусан Ҳизбут-Таҳрир партиясига алоқадорликда айбланиб, судланаётган кишиларга нисбатан салбий муносабатдадир:

- Ҳизбут-Таҳрирга аъзо кишилар: “Биз халифат қурамиз”, деб юришибди. Бу эса дуруст иш эмас.

Шу сабали биз бундай кишиларнинг судланаётганига қарши чиқолмаймиз,- деди Қозоғистон Мусулмонлари диний бошқармасининг раис ўринбосари Муҳамед Алсабеков.

Сўнгги икки йил давомида Қозоғистонда ўнлаб кишилар турли диний ташкилотлар, жумладан, Ҳизбут-Таҳрир партиясига аъзоликда айбланиб, узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилингандилар.

Аммо бундай кишилар устидан суд жараёнлари якунлангачгина матбуот ва ҳуқуқ ҳимоячилари Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан ёзма равишда огоҳлантирилгандилар.

Айни пайтда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси билан боғланиб, диний мотивлар бўйича айбланган кишилар ҳақида тўлиқ маълумот олиш уринишларимиз самара бермади. Махфий хизмат ходимлари орасида Озодлик мухбирининг бу мавзудаги саволларига жавоб бера оладиган масъулнинг ўзи топилмади.

Қозоғистонда Ҳизбут-Таҳрир партиясига аъзоликда айбланиб, судланган кишилар ишига қароргоҳи Парижда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси катта эътибор билан ёндашади.

Ассоциация раҳбари Надежда Атаева қозоқ ҳукумати халқаро ҳамжамиятдан мамлакатда диний таъқиб мавжудлигини иложи борича яширишга уринаётганини айтади.

Унга кўра, ассоциация мамлакатда диний мотивлар бўйича таъқиб қилинаётган кишиларга ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан наркотик моддалари ташлаб кетиш, уларнинг яқинларини таъқиб қилиш ва диндорларнинг ўзларига нисбатан турли жисмоний қийноқлар ўтказиш орқали соҳта айбловларни тан олишга мажбурлагани ҳолатидан хабардор:

-Ассоциацияга Қозоғистонда диний мотивлар бўйича 1999 йилдан бери таъқиб қилинаётган кишилар тез-тез мурожаат қила бошладилар. Уларнинг аксари айнан шу сабаб мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар.

Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, кўпгина далиллар бўйича уларга нисбатан очилган жиноий ишларнинг ростлигига шубҳам бор. Уларни қийнаш ва қариндошларига босим ўтказиш орқали ўзларига қарши кўрсатма беришга мажбурлаганлар.

Бундай диндорларнинг баъзилари таналарида қийноқлар изларини шахсан ўзим кўрганман,-дейди Надежда Атаева.