Турклар арманлар билан алоқаларни яхшилайди

Анқара ва Ереван ўзаро муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган ҳаракат дастури борасида келишувга эришди.

Туркия ва Арманистон Ташқи ишлар вазирликлари эълон қилган баёнотда айтилишича, давлатлар иккала томонни ҳам қониқтирадиган ҳаракат дастури, жумладан, ўзаро алоқаларни йўлга қўйишга қаратилган “йўл харитаси” борасида келишувга эришган.

Мазкур баёнот Биринчи жаҳон уруши даврида бир ярим миллион арман ўлдирилгани айтилаётган кун Арманистонда хотирланиши арафасида эълон қилинди.

Расмий Ереван Усмоний даврида арманлар ўлдирилишини "қатлиом" деб тан олган. Туркия томони эса арманлар фуқаролар уруши оқибатида нобуд бўлганини билдириб келади.

Маълум бўлишича, Туркия ва Арманистон ўртасидаги музокараларга Швейцария воситачилик қилган.