Турклар Обама нутқидан норози

Туркия АҚШ президенти Барак Обаманинг Биринчи жаҳон уруши даврида ўлдирилган арманлар хотирасига бағишлаб қилган нутқига эътироз билдирди.

Болгария пойтахти Софияда гапирган Туркия президенти Абдулла Гул Обаманинг ўз нутқи чоғида 1915 йилги воқеаларда ҳалок бўлган мусулмонлар ҳамда туркларни ҳам тилга олмаганидан таажжубда эканини маълум қилди.

Жума куни чиқиш қилган АҚШ президенти Барак Обама Усмонийлар даврида арманлар ўлдирилиши билан боғлиқ воқеаларни 20 асрнинг энг мудҳиш жинояти, дея таърифлади. Айни пайтда, Обама ўз нутқи чоғида қатлиом сўзини тилга олмади.

Расмий Ереван арманлар ўлдирилишини "қатлиом" деб билса, Туркия томони 1915 воқеаларга бундай таъриф берилишига мутлоқ қарши чиқиб, барча фуқаролар уруш оқибатида нобуд бўлганини таъкидлаб келади.