Ҳиллари Клинтон кутилмаганда Байрутга борди

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон бугун Ливан президенти Мишел Сулаймон билан Байрутда учрашди.

Ҳиллари Клинтоннинг Байрутга сафари кутилмаганда амалга оширилди. Сафар сабаби Ливанда 7 июн кунига белгиланган қонунчилик палатаси учун сайловга тайёргарлик билан боғлиқлиги айтилмоқда. Ҳозирги тахминларга кўра, бу сайловда жангари шиаларнинг Ҳизбуллоҳ гуруҳи ва уларнинг иттифоқчилари ғалаба қозониши мумкин. Ҳизбуллоҳ ва уларнинг иттифоқчиларини эса Сурия ҳамда Эрон қўллаб-қувватлаётгани айтилади.

Ҳиллари Клинтон хоним у билан сафарга чиққан журналистларга берган баёнотида Ливан ҳукуматини ташқи таъсирларсиз, очиқ ва эркин сайлов ўтказишга чақирди.

Шунингдек, у АҚШ Ливанда мўътадил сиёсат тарафдорларини қувватлашда давом этишини таъкидлади. Клинтон хонимнинг Ливанга қилган бир соатлик сафари давомида АҚШ дипломатлари собиқ бош вазир Рафиқ Харирийнинг қабрини ҳам зиёрат қилди. Харирий 2005 йилда суиъқасд туфайли вафот этган эди.

АҚШ Давлат котиби шанба куни ҳам Бағдодга кутилмаган сафар қилган ва АҚШ ҳукумати Ироқ давлатини ўта мушкул ўтиш даврида қувватлашда давом этишини билдирган эди.