Чўчқа гриппи Европага етиб келди

Испания Соғлиқни сақлаш вазирлиги яқинда Мексикадан келган фуқарода “Чўчқа гриппи” деб номланаётган вирус аниқланганини эълон қилди.

Бу Европада қайд этилган биринчи ҳолатдир.

Сўнгги ҳафта мобайнида Мексиканинг ўзида 100дан зиёд фуқаро бу янги вирусдан вафот этди.

АҚШ ва Канадада ҳам ушбу вирусни юқтирган фуқаролар аниқланган, бироқ ҳозирча ўлим ҳолатлари кузатилгани йўқ. Айни пайтда Европа Комиссияси ЕИга аъзо давлатлар Соғлиқни сақлаш вазирлари яқин кунларда фавқулодда мажлис ўтказишини маълум қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти инсондан инсонга юқиши мумкин бўлган бу тоифа грипп вирусининг тарқалиши инсоният соғлиги учун хавфли экани ва вазият назорат қилиниши шартлигини билдирмоқда.