Россияда миллатчилик урчимоқда

Россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатдаги ксенофобия кўрсаткичи жаҳонда энг юқори даражада эканидан ташвиш билдирмоқдалар.

Москвадаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Сова” ташкилоти вакиласи Галина Кожевникованинг “Интерфакс” агентлигига билдиришича, мамлакатда ўтказилган социологик сўров натижалари россияликларнинг яримидан кўпи “Россия - руслар учун” шиорини қўллаб-қувватлашини кўрсатган.

Маълум бўлишича, радикал руҳдаги миллатчилар ташкилотлари сонининг кўплиги бўйича ҳам Россия жаҳонда етакчилик қилади. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ҳозирда Россияда 70 мингга яқин тақирбош мавжуд.

Биргина жорий йил бошидан буён Россияда миллий нафрат асосида содир этилган ҳужумларда 23 киши нобуд бўлди, 100 га яқин фуқаро тан жароҳати олди.

Тақирбошлар қўлидан нобуд бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.