Пхеньян БМТдан жавоб кутмоқда

Шимолий Корея ҳукумати агар БМТ Хавфсизлик кенгаши ўз танқиди учун узр сўрамаса, Пхеньян ядровий ракета синови ўтказиш билан таҳдид қилди.

5 апрел куни Шимолий Корея ўзининг биринчи сунъий йўлдошини фазога чиқарган эди.

Бироқ Ғарб давлатлари Пхеньянни сунъий йўлдош учириш баҳонасида узоқ масофага парвоз қиладиган ракета синови ўтказганликда айбламоқда. БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳам ракета учирилишини кескин қоралаб, мавжуд санкцияларни янада кучайтиришга қарор қилди.

Шимолий Корея эса бунга жавобан ўз ядровий дастури борасида олиб борилаётган олти томонлама музокаралардан чиқишини эълон қилиб, плутоний ишлаб чиқариш дастурини қайтадан бошлаб юборди.

Расмий Пхеньян 2006 йилда узоқ масофага учадиган ракета ҳамда ядровий қурол синовини ўтказгандан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгаши бу давлатга нисбатан санкциялар жорий қилган эди.