Чўчқа гриппи кутилганидан кўра кучсизроқ

Мексика ҳукумати чўчқа гриппидан вафот этганлар сони шифокорлар ўйлаганидан кўра кам экани ҳақида маълумот тарқатди.

Ҳукумат расмийлари берган маълумотга кўра, янги текширувлар бу касалликдан ўлганлар сони 101 нафар эканини кўрсатган. Аввалги маълумотларда эса қурбонлар сони 176 нафар, деб айтилган эди.

Бу хабар АҚШ экспертлари дастлабки текширувлари натижасида янги турдаги грипп вируси кутилганидан кўра кучсизроқ экани ҳақида хулоса тақдим этганидан сўнг пайдо бўлди. АҚШ экспертлари чўчқа гриппи дунё бўйлаб пандемияга айланадиган даражада кучли эмас, дея хулоса қилмоқда.

Айни пайтда экспертлар "бу вирус нималарга қодирлигини тўлиқ биламиз" дейишга ҳали эрталигини таъкидлашиб, "давлат раҳбарлари эҳтимолий пандемия олдини олиш чоралари кўришда давом этиши лозим", дея огоҳлантирмоқдалар.