Европарламент Эрондан Собирийни озод қилишни сўрамоқда

Европа парламенти Эрон ҳукуматини Теҳрон қамоқхонасида қолаётган журналист Рухшона Собирийни "зудликда" ва "шартсиз" озод қилишга чақирди.

Европарламент баёнотида билдирилишича, эронлик журналист Собирийнинг АҚШ фойдасига жосусликда айбланиб, саккиз йилга қамалиши Эронда инсон ҳуқуқлари аҳволи нақадар аянчли эканидан далолат беради.

Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилотига кўра, 32 яшар Рухшона Собирий қамоқхонада очлик эълон қилиши ортидан жума куни касалхонага ётқизилган.

Қўшма Штатлар ҳам эронлик журналистга қўйилган айблов мутлақо асоссиз эканини айтиб, Эрон ҳукуматини Собирийни озод этишга чақирган эди.