Сват водийсида вазият кескинлашмоқда

Покистон ҳукумати толибон назорати остида бўлган водий аҳолисини ўз уйларини тарк этишга ундамоқда.

Сват водийси расмийларидан бири Кхушал Хон Ассошиэйтид пресс ахборот агентлигига маҳаллий ҳукумат аҳолининг Минғора шаҳрини тарк этиши учун бу ерда жорий этилган комендантлик соатини бекор қилганини билдирди.

Бироқ Покистон расмийси жангариларга қарши олиб борилиши мумкин бўлган ҳарбий амалиётлар борасида ҳеч қандай маълумот ошкор қилмади.

Ҳукуматнинг ушбу қарори водийдаги жангарилар билан эришилган тинчлик сулҳи борасидаги ташвишларни янада кучайтирди.

Покистон қўшинлари толибон жангариларини ўзаро тинчлик келишувини қўпол равишда бузганликда айблаб келмоқда.

Сват водийсидаги тинчлик келишуви ва терроризмга қарши кураш масалаларининг Покистон президенти Осиф Али Зардорий ва АҚШ президенти Барак Обаманинг чоршанба кунги учрашувида муҳокама этилиши кутилмоқда.