Эрон суди Собирий аризасини кўради

Эрон жосусликда айбланиб 8 йилга қамалган америкалик журналистнинг шикоят аризаси юзасидан маҳкама жараёни бошланишини маълум қилди.

Эрон суди матбуот вакили Алиризо Жамшидийнинг айтишича, Рухшона Собирийнинг шикоят аризаси ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқилади. Бироқ мазкур маҳкаманинг қачон бошланиши ошкор қилинмади.

Журналист Рухшона Собирий АҚШ фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб, ўтган ой 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Собирий яқинларига кўра, журналист қамоқда очлик эълон қилган ва куни кеча шифохонада қисқа муддат даволанган. Бироқ Эрон суди расмийси бу маълумотларни инкор қилди.