Афғонистонда тинч аҳоли нишонга олинди

Қизил хоч халқаро қўмитасига кўра, ғарбий Афғонистондаги АҚШ бошчилигидаги халқаро кучлар амалга оширган ҳаво зарбалари оқибатида ўнлаб тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлган.

Фараҳ вилояти полиция бошқармаси раҳбари Абдул Ғаффор Ватандор душанбадан сешанба кунга ўтар кечаси берилган ҳаво зарбаларида 100 дан зиёд фуқаро нобуд бўлгани аниқланганини маълум қилди.

Қизил хоч халқаро қўмитасига кўра, нобуд бўлганларнинг аксарини аёллар ва ёш болалар ташкил этган. Маҳаллий расмийлар қурбонлар сонининг янада ортиши мумкинлигини билдирмоқдалар.

Айни пайтда АҚШ мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб боришга ваъда берди.

Вашингтонга сафар қилган Афғонистон президенти Ҳамид Карзай АҚШ президенти Барак Обама билан бугунга режаланган учрашувда ушбу масалани муҳокама қилишини билдирди.