Сватда жанглар давом этмоқда

Покистон ҳаво кучлари Сват водийсидаги толибон жангарилари истеҳкомларини бомбардимон қилди.

Сўнгги кунлар мобайнида ушбу минтақада ҳукумат кучлари ва жангарилар ўртасида шиддатли тўқнашувлар рўй берди. Феврал ойида расмий Исломобод минтақадаги жангарилар билан тинчлик келишувига эришган эди.

Айни пайтда минглаб маҳаллий аҳоли ҳарбий амалиётлар олиб борилаётган ҳудудларни тарк этмоқда. Инсонпарварлик ташкилотлари эса минтақада гуманитар бўҳрон авж олиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Чоршанба куни Вашингтонда АҚШ президенти Барак Обама билан учрашган Покистон президенти Осиф Али Зардорий расмий Исломобод толибон ҳаракатига қарши кураш ва ўз ҳамкорларига содиқ қолажагини таъкидлади.

Айни пайтда Афғонистонга борган АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс Покистонга америкалик аскарларни жойлаштириш режаси йўқлигини маълум қилди.