Афғонлар халқаро кучлардан норози

Афғонистон ғарбида минглаб фуқаро халқаро кучлар уюштирган ҳаво зарбаларидан тинч аҳоли вакилларининг нобуд бўлаётганига қарши норозилик акцияси ўтказди.

Фараҳ вилояти расмийлари ва гувоҳларнинг айтишича, полиция намойишчиларни тарқатиш мақсадида ҳавога ўқ узган, норозилар эса полиция ва маҳаллий ҳукумат биноларига тош улоқтирган. Рўй берган тартибсизликларда тўрт киши жароҳат олган.

Айни пайтда¸ АҚШ ва Афғонистон расмийлари 100дан зиёд фуқаро нобуд бўлгани айтилаётган ҳаво зарбалари юзасидан суриштириш ишлари олиб бормоқдалар.

Афғонистондаги НАТО ва АҚШ кучлари қўмондонларидан бири генерал Давид Маккиернан тинч аҳоли вакиллари ўлдирилиши хусусидаги маълумотларни савол остига қўйди.

Вашингтонда Афғонистон президенти Ҳамид Карзай билан учрашган Оқ уй раҳбари Барак Обама Афғонистондаги америкалик ҳарбийларнинг тинч аҳоли орасида талафотларга йўл қўймасликка ҳаракат қилишларини билдирди.