Покистонда Толибонга қарши кураш кучаяди

Покистонда Толибонга қарши кураш кучаяди

Покистон шимолий-ғарбидаги Сват водийсида Толибонга қарши ҳарбий амалиётларда қатнашаётган ҳукумат кучларига жангари ва террорчиларни йўқ қилиш буюрилган. Бу ҳақда Покистон бош вазири Юсуф Риза Ғилоний таъкидлади.

- Ватанимиз шон-шуҳрати ва халқимизни ҳимоя этиш мақсадида қуролли кучларимизга жангарилар ва террорчиларни йўқ қилишга буйруқ берилди, деди Юсуф Риза Ғилоний.

Мамлакат телевидениеси орқали қилган мурожаатида Ғилоний, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни жанг ҳудудидини тарк этган минглаб қочқинларга ёрдам кўрсатишга чақирди.

Сват водийсидаги Мингора шаҳри ва атрофидаги тўртта ҳудудда Толибон жангарилари тинчлик шартномасини бузиб, полиция идораларига ҳужум қилишлари ортидан Покистон кучлари ҳарбий авиация кўмагида Толибонга қарши ҳарбий амалиётларни бошлаб юборди.

- Толибон кучлари Бунер туманини ўз назорати остига олган ҳолда пойтахт Исломободга ўнлаб чақирим узоқликда пайдо бўлиши Покистон ҳукумати учун огоҳлантирув бўлди, яъни мамлакат ғарбида макон топган бу экстремистлар ҳукумат учун жиддий хавф эканини намоён этди, деди Покистондаги вазият хусусида гапирган АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс.