Россия Олий суди “Таблиғ”ни таъқиқлади

Россия Олий суди “Таблиғ жамоати”ни экстремистик ташкилот сифатида тан олиб, унинг Россия ҳудудида фаолият олиб боришини маън қилиб қўйди. Бу ҳақда Россиянинг бир қатор ахборот агентликлари хабар тарқатди.

“Таблиғ”ни экстремистик ташкилот ўлароқ тан олиш даъво аризаси билан судга Россия Бош прокурори Юрий Чайка мурожаат қилганди.

Ўтган асрнинг 40-йиллари охирида Ҳиндистонда пайдо бўлган мазкур ташкилот фаолияти ҳозиргача Эрон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда таъқиқланган. Айни пайтда Ҳиндистонда ҳам “Таблиғ жамоати” фаолиятини маън қилиш масаласи қўйилмоқда.

Айни пайтда халқаро кузатувчилар бу жамоат хусусида турлича фикрдалар. Айримлар уни экстремистик ташкилот сифатида кўрсалар, бошқалар “Таблиғ”ни зарарсиз диний жамоат эканини айтадилар.