Покистонда қочқинлар сони кўпаймоқда

Покистон шимоли-ғарбидаги Сват водийсида жангариларга қарши олиб борилаётган жанглар туфайли минглаб одам ўз уй-жойини ташлаб чиққан.

Якшанба куни комендантлик соати вақтинча бекор қилингач, қочқинлар оқими яна ҳам кучайди. Сўнгги ҳафта мобйанида юз минг киши ўта хатарли бир шароитда ҳарбий амалиётлар кечаётган ҳудудни тарк этишга муваффақ бўлган.

Халқаро ташкилотлар минтақада гуманитар инқироз юзага келиши эҳтимолидан огоҳлантирмоқда. БМТнинг маълум қилишича, бошпанасизлар билан боғлиқ дунёдаги энг йирик муаммолардан бирига дуч келиниши мумкин.

Сват водийсидаги Мингора шаҳри ва атрофидаги тўртта ҳудудда Толибон жангарилари тинчлик шартномасини бузиб, полиция идораларига ҳужум қилишлари ортидан Покистон кучлари ҳарбий авиация кўмагида Толибонга қарши ҳарбий амалиётларни бошлаб юборди.