Исроил Фалаcтинга тегишли пулларни ушлаб қолди

Исроил жорий ҳафтада Фаластин Мухториятига ўтказилиши лозим бўлган 89 миллион АҚШ долларини ушлаб қолишини маълум қилди.

Бож тўловлари ва солиқлардан тушадиган ҳамда Фаластинга тегишли пулларни тўхтатиб қолиш қарори Фатҳ ва Ҳамас партиялари муросага келишгач, қабул қилинди.

Яҳудий давлати молия вазирлиги бу маблағ Ҳамас гуруҳи жанггарилари қўлига тушмаслиги кафолатланмагунича пул ўтказиш амалга ошмаслигини баён қилди.

1990 йилларда эришилган тинчлик келишувига кўра, Исроил Фаластин учун солиқ ва бож тўловларини олади.

Исроил кейинги ўн йил давомида бу маблағ яҳудий давлатига қарши ҳужумлар учун ишлатилаётганига оид хавотирлар важидан пул ўтказмаларини бир неча марта ушлаб қолган.

Фатҳ ва Ҳамас ўртасида муросага эришилгани ўтган ҳафта эълон қилинди. Чоршанба куни Қоҳирада имзоланиши кутилаётган келишувнинг тафсилотлари ошкор қилинганича йўқ.