Рим папаси Байтулҳамга борди

Исроил сафарини давом эттираëтган Рим папаси Бенедикт XVI Ғарбий соҳилдаги Байтулҳамга борди. Бу ерда католик черкови раҳбарини Фаластин президенти Маҳмуд Аббос қарши олди.

Рим папаси Байтулҳамга етиб келиши билан халқаро ҳамжамиятни Фаластин-Исроил можаросини ҳал этиш борасида босимни кучайтиришга чақирди.

- Яқин Шарқ аҳолисининг тинч-тотувликда яшашига ўзаро ҳурмат ва руҳий бирдамлик орқали эришилади¸ деди Рим папаси.

Рим папаси Бенедикт XVI яқинда Ғазо минтақасида олиб борилган уруш қурбонларига ҳамдардлик изҳор қилиб¸ фаластинликларни ҳар қандай зўравонликлардан тийилишга чақирди.

Рим папасининг бугун Байтулҳамда Исо Масиҳ туғилгани айтилаëтган жойда ибодат қилиши ҳамда фаластинлик қочқинлар лагерига бориши кутилмоқда.