Сватда гуманитар бўҳрон авж олмоқда

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Сват водийсида йирик гуманитар бўҳрон авж олиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Ташкилотга кўра, толибларга қарши ҳарбий амалиётлар олиб борилаётган Сват водийсида қолиб кетган минглаб фуқарода озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёж сезилмоқда ва уларнинг аҳволи кундан-кунга ёмонлашиб бормоқда.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган ташкилот Покистон ҳукуматини фуқароларнинг уруш ҳудудларини тарк этиши учун Сват водийсида жорий этилган комендатлик соатини вақтинчалик бекор қилишга чақирди.

Покистон қўшинлари ва толиблар ўртасида жанглар бошлангандан буён 2.4 миллион фуқаро Сват водийсидаги турар жойларини тарк этишга мажбур бўлди.

Бироқ 200 мингга яқин фуқаронинг ҳануз Сват водийсида қолаётгани айтилмоқда.