Обама Аббос билан учрашди

АҚШ президенти Барак Обама Вашингтонда Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашди.

Сўзлашувлар давомида Обама мустақил Фаластин давлати барпо этилиши тарафдори экани ҳақида яна бир бор таъкидлади.

- "Йўл ҳаритаси" тинчлик режаси доирасида ҳар бир томони ўзига мажбурият олган. Исроил томони Фаластин ҳудудларига яҳудий оилаларини кўчиришни тўхтатиши, Фаластин томони эса Ғарбий соҳилда хавфсизликни таъминлаш борасида зарурий қадамларни ташлаши керак, деди Обама.

Ўз навбатида, Маҳмуд Аббос Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш борасидаги "Йўл ҳаритаси" режасини қўллаб-қувватлашини билдирди.

"Йўл ҳаритаси" режаси шартларидан бири Исроил Фаластин ҳудудларида уй-қуриш ва у ерга яҳудийларни кўчириш ишларини тўхтатишидир.

Аммо Исроил томони пайшанба куни АҚШнинг бу борадаги чақириғини рад этди.

Фаластин томони Исроил тарафидан 1967 йилда босиб олинган ҳудудларда янги уй-жойлар қурилиши ва яҳудий оилаларининг жойлаштирилиши тинчлик битимига ғов бўлишини айтиб келади.