Минғора толиблардан тозаланди

Покистон қўшинлари қўмондонлиги ҳукумат кучлари Сват водийси маркази Минғора шаҳрида тўлиқ назорат ўрнатганини маълум қилди.

Покистон армияси матбуот вакили генерал Атҳар Аббос “Ассошиэйтед пресс” агентлигига Минғора шаҳри жангарилардан тозалангани ва айни дамларда шаҳар ташқарисида беркинишга улгурган жангариларга қарши ҳарбий амалиётлар олиб борилаётганини билдирди.

Хавфсизлик кучлари Сват водийсидаги амалиётларни бир ой муқаддам бошлаган эди. Амалиётларнинг бошланишига маҳаллий жангариларнинг Сват водийсидан ташқарисида ҳам шариат қонунларини жорий этишга урингани сабаб бўлган.