Афғон мухолифатчилари Карзайни қўлламоқчи

Афғонистон мухолифатининг икки йирик етакчиси амалдаги президент Ҳамид Карзайни қувватлашини маълум қилди.

Мамлакатдаги “Ҳизби Ваҳдат” партияси етакчиси Ҳожи Муҳаммад Муҳаққиқ “Рейтер” ахборот агентлигига берган интервьюсида Карзайни қувватлашини тасдиқлади.

Бу баёнот президент Карзай ва Ҳожи Муҳаммад Муҳаққиқ ўртасида келгуси ҳукуматни бўлишиш бўйича бир неча кун давом этган музокаралардан сўнг янгради.

Айни пайтда “Жунбуши Миллий” партияси марказий кенгаши етакчиси Саид Нуруллоҳ ҳам амалдаги президент Карзай номзодини қувватлашини маълум қилмоқда.

Бу партия Афғонистондаги этник ўзбеклар етакчиси Абдур-Рашид Дўстум томонидан тузилган.

Ҳамид Карзайга ваъда қилинган бу икки партия афғон мухолифатининг асосий бўғини эди.

Мухолифатдаги икки муҳим етакчини ўзига оғдирган Карзай шу билан бўлғуси президентлик сайловининг ягона нуфузли номзодига айланди.

Афғонистонда президентлик сайлови август ойига белгиланган.