Жанубий Осетияда парламент сайлови бўлиб ўтди

Грузиянинг айирмачи Жанубий Осетия ўлкасида якшанба куни ўтказилган парламент сайловларида президент Эдуард Кокойтини қўллаб-қувватловчи партиянинг ғалаба қозониши кутилмоқда.

Сайлов комиссиясига кўра, овозларнинг ярмидан кўпи санаб бўлинган ва “Бирлик” партияси 48 фоиз овозни олган.

Бунда коммунистлар партияси 23, Халқ партияси эса 18 фоиз овоз тўплагани айтилмоқда.

Грузия расмийлари айирмачи ўлкадаги сайловларни ноқонуний ва кулгули томоша, дея атади.

Кокойтининг танқидчилари Жанубий Осетия раҳбарини ўз мухолифларини таъқиб қилиш ва Россиядан олинаётган ёрдам пулини ўзлаштиришда айблаб келади.

Танқидчиларга кўра, Кокойти парламентдаги 34 ўринга асосан ўзига содиқ депутатларни ўтказишни ният қилган.

Президент матбуот хизмати бу айбловларни инкор қилмоқда.

Парламент сайловлари ўтган йили айирмачи минтақа устида Россия ва Грузия ўртасида чиққан қуролли можародан 10 ой ўтиб ўтказилди.

Грузия қўшинлари мағлубиятга учраганидан кейин Россия Жанубий Осетия мустақиллигини тан олган эди.