Француз учқичи океан устида ғойиб бўлди

Air France ширкатига қарашли Аэробус 330 русумли учқич чақмоқ уруши оқибатида ҳалокатга учрагани тахмин қилинмоқда.

Аэробус 330 русумли учқич душанба куни Рио Де Жанейродан Парижга йўл олгач, радарлардан йўқолди.

Атлантика океани устида йўқолган самолётнинг 228 йўловчисидан 216 нафари 32 мамлакат фуқаролари бўлгани айтилмоқда.

Air France ширкати бош директори Пьер-Анри Горжон тахминича, самолёт бўрон ичига тушиб қолгач, бортда техник муаммолар рўй берган бўлиши мумкин.

- Париж вақти билан соат 3:30 да учқич Бразилия ҳаво ҳаракатини назорат қилиш хизмати билан охирги марта алоқага чиққан. Кўп ўтмай, Париж вақти билан тахминан 4:00 да аппарат кучли ҳаво гирдоби ва бўрон ичига тушиб қолган. Ўн беш дақиқадан сўнг - Париж вақти билан соат 4:15 ларда самолётнинг баъзи компонентларидаги носозликка оид автоматик тарзда жўнатиладиган хабарлар келди, деди Air France бошлиғи.