Тожик талабалари юртига қайтарилади

Миср пойтахти Қоҳирадаги “Ал-Азҳар” университетида таҳсил олаётган тожикистонлик тўрт фуқаро ватанига депортация қилинади.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, депортация қилиниши айтилаётган тўрт киши Мисрда ноқонуний яшаганлиги аниқланган.

- Айни пайтда бу талабаларни ватанга депортация қилиш муддати масаласи кўрилмоқда, деди Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Давлат Назрий.

Эслатиб ўтамиз, 27 май куни қоҳиралик полициячилар мазкур университет жойлашган ҳудудда ноқонуний муҳожирларни аниқлаш мақсадида рейд ўтказганди.

Ўшанда Россия, Франция, Дания, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамда Тожикистондан борган 1000 га яқин талаба қўлга олингани айтилган эди.

Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, қўлга олинганларнинг 14 нафари тожикистонлик бўлиб, улардан 10 нафари ўша куниёқ қўйиб юборилган.