Саркози Эрон Ташқи ишлар вазирини қабул қилади

Франция президенти Николя Саркози чоршанба куни Парижда Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий билан учрашади.

Бу учрашувда Франция раҳбари Муттақий билан Теҳрон ядровий дастури юзасидан халқаро сўзлашувларни қайта бошлаш имкониятларини муҳокама этади.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси ва Германия Эронни ўз ядровий дастуридан воз кечишга кўндиришга ҳаракат қилиб келмоқда.

Ғарб давлатлари Теҳронни ядровий қуролга эгалик қилишга уринаётганликда айбламоқда. Эрон эса ўз дастури тинчлик мақсадларига йўналтирилганини таъкидлаб келади.

БМТ Хавфсизлик кенгаши ядровий дастурдан воз кечишни истамаётган Теҳронга нисбатан санкциялар жорий этган.