Бразилияда мотам эълон қилинди

Бразилия ҳукумати “Air France” ширкатига тегишли йўловчи самолёт қолдиқлари топилгандан сўнг, авиаҳалокатда нобуд бўлган йўловчилар хотирасига уч кунлик мотам эълон қилди.

Бразилия ҳарбийларига кўра, Анлантика океанида самолёт парчалари, жумладан, ўриндиқ, темир ва сим парчалари ҳамда сув бетида ёнилғи доғлари топилган.

Мутахассисларнинг таъкидича, ҳозирга келиб экипаж аъзолари ва йўловчилар барининг нобуд бўлгани борасида шубҳа қолмаган.

Аэробус 330 русумли учқич душанба куни Рио Де Жанейродан Парижга йўл олгач, радар кузатувидан йўқолиб қолган эди.

Самолёт бортидаги 228 йўловчи ва экипаж ъзоларининг кўпчилигини Бразилия фуқаролари ташкил этган.

Шунингдек, бугун Париждаги Нотр-Дам соборида авиаҳалокат қурбонлари хотирасига диний маросим бўлиб ўтади.