Авиаҳалокат жойи текширилмоқда

Бир неча кема ва самолёт Атлантика океанининг “Air France” ҳаво компаниясига тегишли самолёт қолдиқлари ва икки жасад топилган қисмини кўздан кечирмоқда.

Самолёт 1 июн куни Бразилия қирғоқларига яқин жойда радар экранидан ғойиб бўлган эди. “Airbus A330” русумли самолёт бортидаги 228 одамнинг ҳаммаси нобуд бўлгани тахмин қилинмоқда.

Айни пайтда Францияга қарашли сув ости кемалари самолёт парвозига доир сўнгги маълумотларни ўзида сақлаган қора қутиларни қидирмоқда.

Дастлаб кучли бўронга учраб, самолётнинг тезликни таъминловчи датчиклари ишдан чиққани ҳалокат сабаби сифатида тахмин қилинган эди.

Бу борада қўшимча маълумотларни аниқлаган франциялик текширувчилар эндиликда Рио де Жанейродан Парижгача бўлган тўрт соатлик йўлга чиққан самолётда бирданига кўплаб бошқарув системалари ишламай қолганини тахмин қилмоқда.