Эронда сайловолди тарғиботи тугади

Эронда президентликка номзодларнинг сайловолди тарғиботлари ниҳоясига етди. Овоз бериш жума кунига белгиланган.

Иккинчи тўрт йиллик муддатга президентликда қолишга тиришаётган президент Маҳмуд Аҳмадинажод қаттиқ рақобатга юз тутмоқда.

Номзодлар орасида Маҳмуд Ахмадинажоддан ташқари Инқилоб гвардиячиларининг собиқ раҳбари Муҳсин Ризоий, мўътадил ислоҳотчилар Ҳусайн Мусавий ва Маҳдий Карубийлар бор.

Чоршанба куни тарғибот кампаниясининг охирги куни Аҳмадийнажод ислоҳотчи рақибларини бўҳтон тарқатаётганликда айблади ва ҳақорат қилганликлари учун қамоқққа ташланишлари мумкинлиги ҳақида гапириб, уларга пўписа қилди.

Ислоҳотчи номзодлардан бири Мусавий аввалроқ телевидение орқали чиқишида Эронда инфляция даражаси 25,4 фоизни ташкил этиши кўрсатилган Марказий банки маълумотларини очиқлар экан, “бу рақам Аҳмадинажод айтаётганидек 15 фоиз эмас”, деб таъкидлаган эди.

Ҳусайн Мусавий Эронда президентликка номзодини қўйган икки ислоҳотчи номзоднинг бири ва Маҳмуд Аҳмадинажоднинг асосий рақиби саналади.