Обама Ливан президентини қутлади

АҚШ президенти Барак Обама Ливан президенти Мишел Сулаймон билан ўтказган телефон мулоқотида уни мамлакатда ўтган муваффақиятли сайловлар билан қутлади.

Оқ уй вакилининг билдиришича, президент Обама Ливан Ички ишлар вазирлиги ва хавфсизлик идораларининг сайловни тинч ўтишига қўшган ҳиссасини юқори баҳолаган.

Айни пайтда АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Жорж Митчелнинг жума куни Ливанга бориши кутилмоқда.

Якшанба куни Ливанда ўтказилган парламент сайловида ғарбпараст Саъд Ҳаририй бошчилигидаги аксилсурия иттифоқи ғалаба қозониб, мамлакатнинг 128 ўринли парламентида 71 ўринни эгаллашга муваффақ бўлган, Эрон ва Сурия тарафидан дастакланувчи "Ҳизбуллоҳ" гуруҳи эса 57 депутатлик ўринни эгаллаган эди.