Эрон полицияси норозиларни тарқатди

Эрон полицияси президентлик сайловидан норози бўлиб Теҳрон кўчаларига чиққан намойишчиларга қарши кўзни ёшлантирувчи газ қўллади.

Франс пресс агентлиги хабарига кўра, сайловда мағлубиятга учраган ислоҳотчи Мирҳсуссайн Мусавийнинг 200 га яқин тарафдори полицияга қарата тош улоқтиришни бошлаган.

Полиция эса бунга жавобан кўзни ёшлантирувчи газ қўллаган. Шунингдек, полициячилар кўча бўйидаги савдо дўконларига яширинган намойишчиларни ҳам ташқарига қувиб чиқаргани хабар қилинмоқда.

Теҳрон полицияси раҳбари ўринбосари Аҳмад Ризо Радан шанба куни оқшом бошланган намойишлар давомида 170 га яқин одам қўлга олинганини маълум қилди.

Полиция расмийсига кўра, қўлга олинганлар орасида 10 нафари тартибсизликларни уюштирганликда гумон қилинмоқда, қолганлари эса тез орада қўйиб юборилади.