Франция ва Германия ташвиш билдирди

Европа Иттифоқининг етакчи аъзолари Франция ва Германия Эронда президентлик сайловларидан кейин вужудга келган вазиятдан чуқур ташвиш билдирди.

Франция Ташқи ишлар вазири Бернар Кушнер Теҳрон расмийларининг ўз сиёсий рақибларига нисбатан “шафқатсиз” репрессияси мулоқот учун имконият қолдирмаётганини баён қилди.

Германия Ташқи ишлар вазири Франк Валтер Штайнмайер Теҳрондаги норозиларга нисбатан куч ишлатилиши номақбул эканини таъкидлади.

Штайнмайер, шунингдек, Эроннинг Берлиндаги элчисини чақиртириб, вужудга келган вазият хусусида изоҳ сўраганини маълум қилди.

АҚШ Вице президенти Жозеф Байден Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг қайта президент этиб сайлангани хусусида шубҳалари борлиги, лекин ҳозирча Вашингтон бу ҳақдаги расмий позициядан тийилишини баён қилди.

Айни пайтда, Ироқ Президенти Жалол Талабоний Аҳмадийнажодни табриклади.