Мусавий қайта сайлов ўтказишга чақирмоқда

12 июн кунги сайловда мағлуб бўлган ислоҳотчи номзод Мир Ҳусайн Мусавий Теҳрондаги намойишда қилган чиқиши чоғида янги сайловда иштирок этишга тайёр эканини маълум қилди.

Аҳмадийнажоднинг қайта сайланишига қарши Теҳронда ўтказилган намойишда Мусавийнинг юз минглаб тарафдори қатнашди.

Эрон Ички ишлар вазирлигининг таъқиқ жорий этишига қарамай мухолифатчилар Инқилоб хиëбонида тўпланиш режасини бекор қилмади.

Ройтерс ахборот агентлиги Мусавий ва президент Аҳмадийнажод тарафдорлари ўртасида муштлашувлар рўй бергани тўғрисида хабар тарқатди.

Эрон Олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманайи ўтган ҳафта бўлиб ўтган президентлик сайловида жиддий қонунбузарликлар қайд этилганига оид баёнотлар юзасидан текширув ўтказишга топшириқ берди.

12 июн кунги сайловда Маҳмуд Аҳмадийнажод ғалаба қозонгани эълон қилингандан сўнг ислоҳотчи номзод Мусавийнинг минглаб тарафдорлари Теҳрон ва бошқа шаҳарларда норозилик акциялари уюштирди. Намойишлар чоғида Мусавий тарафдорлари ва полиция ўртасида тўқнашувлар рўй берди.

Мусавий ҳукуматни сайлов натижаларини бекор қилишга чақирди.

Аҳмадийнажод эса жума кунги сайловдаги ғалабаси ҳақонний бўлганини таъкидлади.

Айни пайтда Люксембургда учрашаётган ЕИ Ташқи ишлар вазирлари Теҳрондаги намойишчиларнинг полиция тарафидан калтакланишидан хавотир билдириб, Эрон ҳукуматини мухолифат иддаолари юзасидан текширув ўтказишга чақирди.