Россия БМТ резолюциясига вето қўйди

Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг Грузиядаги БМТ миссияси мандатини икки ҳафтага узайтиришга оид резолюциясига вето қўйди.

Россиянинг ветоси 1993 йилдан бери амал қилиб келган БМТ миссияси мандатининг тугашига сабаб бўлиши айтилмоқда.

15 аъзо давлатдан иборат хавфсизлик кенгашида овозга қўйилган резолюцияни кенгашнинг 10 аъзоси маъқуллади, Россия қарши овоз берди, 4 аъзо давлат бетараф қолди.

Душанба куни Россия Грузиянинг айирмачи Абхазия ва Жанубий Осетия ўлкалари устидан ҳукмронлигини яна бир бор инкор қилди.

Москва ўтган йили Грузия билан қуролли можародан кейин айирмачи ўлкаларнинг мустақиллигини тан олган эди.