Толибонга қарши кураш муҳокама қилинди

Россия Покистон ва Афғонистондаги Толибон жангариларига қарши курашда минтақавий ҳамкорликни оширишга чақирмоқда.

Екатеринбургда ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Покистон президенти Осиф Али Зардорий кузатувчи сифатида қатнашмоқда.

Саммитга Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ҳам таклиф этилган.

Россия президенти Дмитрий Медведев уччала давлат ҳам Толибонга қарши кучларни бирлаштиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Россия Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашишдан бош тортган, лекин Ғарб давлатлари коалицияси учун ўз ҳудуди орқали Афғонистонга ноҳарбий юкларнинг транзит қилинишига розилик берган.

ШХТнинг навбатдаги саммитида Афғонистондаги вазият ва Шимолий Кореянинг сўнгги ҳаракатлари ҳам муҳокама қилинади.

ШҲТга Россия, Хитой, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон аъзодир.

Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва Эрон вакиллари Екатеринбург саммитида кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.