Эрон: сайловдаги овозлар қайта саналади

Эрон Посбонлар кенгаши 12 июн кунги президентлик сайловида жиддий қонунбузарликлар қайд этилгани ўз исботини топса, берилган овозларни қайта санаб чиқишга тайёр эканини маълум қилди.

Кенгаш матбуот вакилининг маҳаллий нашрларга билдиришича, овозлар қайта санаб бўлингандан сўнг, номзодларнинг қўлга киритган натижаларида ўзгаришлар бўлиши мумкин.

12 июн кунги сайловда амалдаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг ғолиб деб эълон қилиниши, Теҳрон ва бошқа шаҳарлардаги норозилик намойишларига сабаб бўлди.

Сўнгги уч кун мобайнида Теҳронда бўлиб ўтган намойишларнинг 1979 йилги Эрон Ислом инқилобидан бери мисли кўрилмаган экани айтилмоқда.

Ушбу сайловда мағлубиятга учраган ислоҳотчи номзод Мир Ҳусайн Мусавий сайлов давомида жиддий қонунбузарчиликлар қайд этилганини таъкидлаб, ҳукуматни сайлов натижаларини бекор қилишга ундамоқда.

Душанба куни Теҳронда ўтказилган норозилик намойиши чоғида полиция ва Мусавий тарафдорлари ўртасида рўй берган тўқнашувларда камида етти киши нобуд бўлди, ўнлаб одам тан жароҳати олди.

Айни пайтда Мусавий ортиқча қурбонларни олдини олиш мақсадида ўз тарафдорларини бугунга режаланган намойишда иштирок этмасликка чақирди.