Эронда вазият кескинлигича қолмоқда

Расмий ҳисоб-китобга кўра¸ Эрондаги президентлик сайловида ютқизгани айтилаëтган Мир Ҳусайн Мусавий тарафдорлари жума кунги сайлов натижаларига қарши бугун ҳам Теҳронда норозилик намойиши ўтказишга тараддуд кўрмоқдалар.

Эрон расмийлари 12 июн кунги сайловда амалдаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ғалаба қозонганини эълон қилди.

Аҳмадийнажоднинг қайта сайланиши эса Теҳрон ва бошқа шаҳарлардаги норозилик намойишларига сабаб бўлди.

Сайловдан сўнг Теҳронда бўлиб ўтган намойишларнинг 1979 йилги Эрон Ислом инқилобидан бери мисли кўрилмаган экани айтилмоқда.

Эрон Олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманайи сайлов овозларини қисман қайта санаб чиқишга рухсат берди. Бироқ ислоҳотчи номзод Мусавий сайлов натижаларининг бекор қилиниши ва қайта сайлов ўтказишни талаб қилмоқда.

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори, эронлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ширин Ибодий Озодлик билан суҳбатда= мамлакат расмийлари қайтадан сайлов ўтказиб, халқаро кузатувчиларни таклиф этиши лозим, деган фикрни билдирди.

16 июн куни Эрон ҳукумати мамлакатдаги барча хориж ахборот агентликларига рухсат берилмаган намойишларни ёритишни таъқиқлаб қўйди.

Ислом инқилоби посбонлари корпуси эса намойишлар ҳақда жаҳонга маълумот етказишга уринган интернет сайтлари ва блоггерларга қарши жиддий чоралар қўллаш тўғрисида огоҳлантирди.