Музокара конструктив ўтди – натижа ноаниқ

Россия расмийлари Қўшма Штатлар билан ядровий қуролларни камайтиришга оид музокаралар конструктив бўлгани, лекин июл ойига белгиланган саммитда янги келишувга эришилмаслиги мумкинлигига ишора қилмоқда.

Ядровий қуролларни камайтиришга оид 1991 йилда имзоланган лекин муддати тугаган келишув ўрнини босувчи янги шартномага оид музокаралар Россия-АҚШ муносабатларни яхшилашда муҳим босқич ўлароқ кўрилмоқда.

Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Андрей Нестеренко музокаралар “конструктив ва ишчи” руҳда ўтаётганини баён қилди.

- Июл ойидаги саммитда президентлар Барак Обама ва Дмитрий Медведев дастлабки натижаларни эълон қилиши мумкин, деди Нестеренко.

1991 йилда имзоланган СТАРТ келишувининг муддати жорий йил декабрида тугайди.

Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибига кўра, музокараларнинг кейинги босқичи келаси ҳафта Женевада бўлиб ўтади.